Ижарага уй қидириб юрган аёл бир танишидан Бухоро шаҳридаги Алпомиш кўчасида жойлашган 5-“B” уйнинг тўртинчи қаватида баъзи хоналар ҳеч ким яшамаётганлиги боис бўшлигини эшитиб, қайнонаси ва қайнопасини эргаштирганча шу манзилга борди, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Тўртинчи қаватдаги 60 ва 69-хоналарда айни вақтда ҳеч ким йўқ бўлиб, эшигига қулф солинган экан. Аёллар хоналарга жойлашиш учун қулфларни бузишга киришдилар. Шовқинни эшитиб чиққан қўшниларнинг ҳай-ҳайлашларига қарамай ичкарига кириб олишди.
Шунда кимдир участка нозирига, яна бошқаси хоналарнинг эгаларига қўнғироқ қилишга тушди. Аслида ушбу уй Бухоро шаҳар ҳокимлигига қарашли бўлиб,60 ва 69-хоналар тегишли фуқароларга ажратилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган эди.
Хона эгалари қанчалик уринишмасин, аёллар хоналарни бўшатишни исташмади. «Биз ҳокимиятга бордик, ана шу хоналар сизларники, бориб жойлашаверинглар, дейишди», дея туриб олишди. Профилактика инспектори уларнинг бу хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини қайта-қайта тушунтиришга ҳаракат қилса-да, аёллар ётоқхонани бошларига кўтариб, оғизларига келган гаплар билан хизмат вазифасини ўтаётган милиция ходимини ҳақорат қилдилар. Бу ҳам етмагандек, профилактика инспекторига қўл кўтариб, уни калтаклашди. Шундан сўнг, инспектор мазкур воқеа ҳақида навбатчилик қисмига хабар берди.
Суд ушбу аёлларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини атрофлича кўриб чиқди ва уларга қилмишларига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.
Изоҳ (0)