Жорий йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов олиб борган мажлисда сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида хабар берилди.
Мажлисда республиканинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини ташкил этиш ҳамда сайлов кампанияси жараёнининг барча босқичларини ёритиш учун Ўзбекистон ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Қонунчиликка мувофиқ сайлов участкалари асосий мезон — сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратишни ҳисобга олган ҳолда тузилади. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур сайлов участкаларида сайловчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида ўз вақтида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари фаолияти катта аҳамиятга эга. Шу муносабат билан мажлисда Ўзбекистон ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Марказий сайлов комиссиясига белгиланган тартибда мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сайлов тўғрисидаги қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текшириш учун Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24²–моддасига асосан белгиланган муддатда имзо варақалари қонун талабларига мувофиқлиги ҳақида хулосалар беришдан иборатдир.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига доир ташкилий ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)