50 ёшли Тесс Кристиан сўнгги 40 йил давомида на табассум қилади, на хўмраяди. Ўзининг айтишича, у бундай ҳаёт тарзини юзининг ёш кўринишини сақлаш ва ажин туширмаслик учун танлаган. Бу ҳақда «Российская газета» хабар беради.
Сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания менежери сифатида фаолият кўрсатувчи ушбу британиялик аёл: «Дугоналарим мени Мона Лиза деб чақиради, чунки мендаги юз ифодаси да Винчи суратидаги аёлники каби турғундир», – деб тан олади.
Дам олиш кунлари дугоналар йиғилиб, ўзаро ҳазиллашиб кулишганида, Тесс тошқотган юзи билан ўтираверади. Кулгидан ўзини тиёлмай қолган пайтлари эса лабларини тишлаганча столдан узоқлашади.
Тессда юмор ҳисси йўқ эмас, аммо деярли 40 йил давомида, ҳаттоки қизи туғилганида ҳам табассум қилиш учун бирор марта қоидани бузмади.
Баъзи мутахассислар бундай ғайритабиий усул фойда бериши мумкин деб ҳисоблайди. Дерматолог шифокор Ник Лоу: «Бу қаришга қарши самарали усул бўла олади. Шубҳасиз, ушбу мақсадда мимикасини назорат қиладиган актрисалар ҳам бор», – деди.
Аммо бу фикрга лондонлик психолог Аманда Ҳиллс қарши чиқди. Унинг айтишича, табассум қилиш руҳий саломатлигимиз учун жуда муҳим. «Табассум қилган вақтда, организмда ‘бахт гормони’ номи билан ҳам аталувчи эндорфин ишлаб чиқарилади ва у одамларнинг ўзини яхши ҳис қилишини таъминлайди», – деб таъкидлади психолог.
Изоҳ (0)