2014 йилда Марказий банк томонидан қатъий пул-кредит сиёсати юритилганлиги ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши инфляцияни жиловлашда муҳим аҳамият касб этди ва унинг белгиланган прогноз кўрсаткичдан паст бўлиши таъминланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий сайтида хабар берилди.
2014 йил якуни бўйича истеъмол баҳолари индекси асосида ҳисобланадиган инфляция даражаси 2013 йилга нисбатан 0,7 фоиз бандга пасайиб, 6,1 фоизни ташкил этди. Бунда истеъмол баҳолари индексининг ўсиши асосан номонетар омиллар ҳисобига юз берди.
Жумладан, 2014 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 3,7 фоизга ўсиб, унинг инфляцияга таъсири 1,8 фоизни, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 7,0 фоизга ўсиб, инфляция даражасига таъсири 2,2 фоизни ташкил этди. Хизматлар нархи эса 11,3 фоизга ўсиб, инфляция даражасига таъсири 2,1 фоизни ташкил қилди.