Туркиянинг Анталия шаҳрида мавсумга тайёргарлик йиғинини олиб бораётган «Насаф» жамоаси бугун, 1 февраль куни навбатдаги учинчи назорат учрашувини ўтказди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
«Насаф»нинг бугунги рақиби Польшанинг «Корона» клуби бўлди. 1973 йилда ташкил этилган мазкур клуб Кельце шаҳрида мақом топган бўлиб, мамлакатнинг экстракласс лигасида 2007 йилдан буён қатнашиб келади. Клуб ўша йили мамлакатнинг бош совринларидан бири Польша Кубоги финали иштирокчиси бўлган.
Польша экстракласс лигасида айни пайтда 16 жамоа бош соврин учун кураш олиб бормоқда. «Насаф»нинг бугунги рақиби ҳозирги пайтда 19 ўйиндан сўнг, 21 очко тўплаб, турнир жадвалининг 14-поғонасини эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалги учрашувда ҳам «Насаф»нинг рақиби Польша клуби бўлган эди. Унда қаршиликлар Польша чемпионати турнир жадвалининг 6-ўрнида бораётган «Гурник» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Учрашув жуда қизиқарли бўлиб, учрашувда «аждарлар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голлар биринчи ва иккинчи бўлимда киритилди. Шуниси диққатга сазоворки, ҳар иккала голга жамоанинг катта тажрибага эга ҳужумчиси Илҳом Шомуродов муаллифлик қилди.
Назорат учрашуви
«Насаф» — «Корона» (Кельце, Польша): 2:0
«Насаф»: Элдорбек Суюнов, Алишер Юсупов, Ҳамза Каримов, Мақсуд Каримов, Шароф Муҳиддинов, Эркин Бойдуллаев, Баҳром Абдураҳмонов, Илҳом Шомуродов, Артур Геворкян, Шоҳруҳ Гадоев, Олександр Каблаш.
Заҳирадан майдонга тушганлар: Акром Баҳриддинов, Дониёр Нарзуллаев, Азиз Ғаниев, Худойберди Холиқов.
«Насаф»нинг кўригида бўлиб турган украиналик футболчи Сергей Шаповал мураббийларига маъқул келмагани учун жавоб берилган.
Эртага, 2 февраль куни яна бир янги футболчи кўрикка келади. У словениялик футболчи бўлиб, чап қанот ҳимоячисидир.
«Насаф» эртага яна бир назорат учрашуви ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда, навбатдаги спарринг рақиб Қозоғистон клуби бўлади.
Изоҳ (0)