Тошкентда Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси марказий кенгашининг 2014 йил якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Унда қайд этилганидек, мамлакатимизда 225 минг саксон ёшдан, 44 минг тўқсон ёшдан, 8 минг 700 нафар юз ёшдан ошган нуронийлар умргузаронлик қилмоқда.
Ўтган йили жамғарма томонидан Янги йил байрами арафасида 75 мингдан зиёд уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига умумий баҳоси 6,7 миллиард сўм бўлган байрам совғалари берилди.
Уруш ва меҳнат фахрийлари, кам таъминланган оилалар вакилларининг Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент ва Термиз шаҳарларига, улуғ аждодларимиз номлари билан боғлиқ муқаддас қадамжоларга саёҳат ва зиёратлари уюштирилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллалар, таълим масканларида фахрийларнинг ёшлар билан учрашувлари ўтказилди. Ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскарлар билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилинди.
Изоҳ (0)