Ўзбекистон миллий терма жамоаси бундан тўрт йил муқаддам Қатарда ўтказилган Осиё чемпионатида кучли тўртликдан жой олганди. Афсуски, бу гал Австралияда ҳамюртларимиз учун мусобақанинг чорак финал учрашуви сўнгги «бекат» бўлди. Хўш, терма жамоамизнинг совринли ўринлар учун курашишига нима халал берди? Нега халқимиз ва кўпсонли мухлислар ишончи оқланмади? Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Биродар Абдураимов фикрлари билан қизиқдик, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон овози».
«Футболда гол урмасдан ғалаба қозониб бўлмайди. Бунга Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўтган ўйинда ҳам гувоҳ бўлдик. Умуман олганда, футболчиларимиз қитъамизнинг кучли терма жамоасига қарши ўйинда ёмон таассурот қолдирмади. Афсуски, юзага келган имкониятлар кўкка совурилгани ачинарлидир.
Бош мураббий Миржалол Қосимов ва унинг ёрдамчилари кучли рақибга қарши танлаган таркибини тушуна олмадим. Бундай муҳим учрашувда тажрибали Темур Копадзега ишонч билдирилган экан, нега Сервер Жепаровнинг захирада қолдирилганига ҳайронман?! Саудия Арабистони терма жамоаси билан ўйинда Жамшид Искандеровнинг ҳали анча тажрибасизлигини оддий мухлис ҳам ўз кўзи билан кўрганди. Аммо мураббийлар штаби бундан тўғри хулоса чиқармасдан учрашувда маҳоратли ўйинчига зарурат пайдо бўлганида яна Искандеровни майдонга туширганини тушуниб бўлмайди. Ёки ярим ҳимоячи Жасур Ҳасановнинг муҳим ўйин чоғида захирада қолдирилиши ҳам якунда терма жамоамиз учун қимматга тушди, деб ўйлайман.
Афсуски, қулай вазиятларда терма жамоа учун маҳоратли ижрочилар етишмади. Биринчи ўйинда КХДР дарвозасига гол урган бўлса-да, ҳужумчи Игорь Сергеевнинг ҳали бу каби йирик мусобақа учун руҳан тайёр эмаслиги билиниб қолди...
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Осиёда футболи жадал ривожланиб бораётган мамлакатлардан саналади. Бу каби мусобақаларда футболчиларимиз аллақачон ўзини кўрсатадиган фурсат келди. Муҳим учрашувларда эса оддий хатолар ҳам қимматга тушиши мумкинлигини Осиё чемпионати яна бир бор тасдиқлаб берди», − деди Биродар Ҳасанович.
Изоҳ (0)