Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимидаги эскича маъмурий-буйруқбозлик усулидан воз кечилади. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, жорий йил 16 январда ўтказилган 2014 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди.
Корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш бўйича энг муҳим устувор йўналишни амалга ошириш мақсадида мулк таркибида давлат улуши бўлган 1100 тадан ортиқ акциядорлик компанияси ва бошқа хўжалик бирлашмалари фаолиятининг самарадорлигини танқидий кўриб чиқиш ҳамда бу соҳада Япония, Жанубий Корея, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган менежмент тизимлари асосида янги услуб ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш мўлжалланмоқда.
Корпоратив бошқарув тизимида тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида давлат улушига эга бўлган акциядорлик компанияларининг янги намунавий ташкилий тузилмаси ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар тасдиқланади ҳамда вазифалари белгиланади.
Бундан асосий мақсад – бошқарув ходимлари ва мутахассислар лавозимлари номи ва функсионал вазифаларини ўзгартирибгина қолмай, балки уларнинг фаолият кўрсатиш тамойилларини тубдан ўзгартиришдан иборатдир. Бу эса, ўз навбатида, ривожланиш учун ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорликка янги туртки беради.
Навбатдаги муҳим вазифа – бугунги кунда аксарият ҳолларда эскича маъмурий-буйруқбозлик усулида корхонани бошқараётган самарасиз директорлик корпусидан батамом халос бўлиш. Бундан мақсад – корхоналарни бозор иқтисодиётини чуқур биладиган ва юксак профессионал малакали янги менежерлар бошқаришига эришишдир, дейилади Ҳаракат дастурида.
Изоҳ (0)