Ўзбекистон озиқ-овқат саноатида 391 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг муҳим асоси ва кафолати сифатида суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини оширишга Ҳукумат алоҳида эътибор қаратади. 2013−2017 йилларда Суғориладиган ерларни мелиоратив жиҳатдан яхшилаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш изчил давом эттирилади. Дастур ирригация иншоотлари комплексини қуриш ва реконструкция қилишни ҳамда янада замонавий, энергияни тежайдиган асбоб-ускуналар ўрнатишни назарда тутади. Бундан мақсад – 5 йил давомида 1 миллион 400 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишни таъминлашдан иборатдир.
Сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ишларини давом эттириш, жумладан, боғлар ва узумзорларни томчилатиб суғориш тизимларини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу эса ҳар йили 1 миллиард кубометргача сувни тежаш имконини беради.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш – навбатдаги муҳим вазифа ҳисобланади. Ушбу мақсадда озиқ-овқат саноатида 391 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, камида 1 миллион 300 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ҳажмига эга бўлган 2 мингдан ортиқ замонавий совутиш камераларини қуриш, сақлаш жойларининг умумий ҳажмини 2 миллион тоннагача етказиш назарда тутилмоқда. Айни вақтда ўзаро боғланган логистика тизими ривожлантирилади.
Аграр соҳада кўрсатиб ўтилган ва бошқа чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2015−2019 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турлари билан республиканинг ўзини-ўзи таъминлаши, шунингдек, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ушбу маҳсулотлар экспортини сезиларли ошириш таъминланади.
Изоҳ (0)