Юртимиздаги кўплаб футбол мухлислари Ўзбекистон терма жамоасининг Австралияда ўтаётган Осиё кубогида камида ярим финалга қадар етиб боришини кутаётганди. Лекин Миржалол Қосимов дружинаси мусобақадаги иштирокини чорак финалдаёқ якунлаб уйга қайтишга мажбур бўлди.Терма жамоамиз сафида узоқ йиллардан буён барқарор ўйин намойиш этиб келаётган тажрибали ярим ҳимоячи Темур Кападзе билан учрашиб, унинг бу галги қитъа биринчилигидаги иштирок борасидаги фикрлари билан қизиқдик, деб хабар бермоқда «Sports.uz».
− Темур, Осиё кубоги-2015 мусобақасидан қандай таассуротлар қолди?
− Таассуротлар ижобий. Мусобақа ҳар томонлама яхши ташкиллаштирилган. У қадар катта муаммолар кузатилмади. Фақат учрашувлар ўтказиладиган шаҳарлар орасидаги масофа узоқ экани бироз қийинчилик туғдирди.
− Терма жамоамизнинг мазкур мусобақадаги иштироки борасида нима дея оласиз?
− Менимча, биз турнирда ёмон иштирок этганимиз йўқ. Бизга шунчаки омад етишмади, дейишим мумкин. Баъзан ҳакамлар ҳам ўзларининг қарорлари билан ўйин суръатига таъсир этган ҳоллари ҳам бўлди. Лекин турнирни ўйлаганимиздан эрта тарк этганимизда ҳакамларни айблаш ҳам ноўрин. Пешонага шундай ёзилган экан, на илож…
− Бош жамоамиз қайд этган натижа қониқарлими?
− Йўқ. Биз финалга қадар етиб бориб, юртимиздаги барча футбол иҳлосмандларини хурсанд қилишни хоҳлагандик. Якунда эса чорак финалдаёқ мусобақа билан хайрлашишга мажбур бўлдик. Демак, натижамизни қониқарли дейиш нотўғри. Лекин шу ўринда айтиш керакки, чорак финалда ўйнаш ҳам ёмон натижа эмас. Ҳамма кўрди, терма жамоанинг барча аъзолари қўлдан келганча ўйнашга ҳаракат қилишди. Йигитларимиз майдонда юрт шаъни учун борларини беришга интилишди.
− ОК−2015да терма жамоамиз сафида майдонга тушган ёшлар ҳақида қандай фикрдасиз?
− Янги етишиб чиқаётган ёшларда шижоат кучли. Буни сезиш қийин эмас. Кишини хурсанд қиладиган томони, улар ўзларига билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилишяпти ва буни қайсидир маънода уддалашяпти ҳам. Ишонч билан айтишим мумкин, агар ҳозирги таркибдаги ўйинчилар ўз устиларида ишлашда давом этишса улардан яхши савиядаги футболчи чиқади. Бунинг учун уларга асосий таркибда ишонч билдиравериш керак.
− Демоқчисизки, ёш футболчиларни қўрқмай асосий таркибда майдонга туширавериш мумкин.
− Ҳа. Биз ҳам қачонлардир ёш бўлганмиз ва бизга ҳам акаларимиз ўз жойларини бўшатиб беришган. Бу ишни қилиш навбати энди бизга ҳам келди. Осиё Кубоги давомида амин бўлдимки, ёшлар бизнинг ўрнимизни боса олишади. Шу сабабдан ўз ўрнимни ёшларга бўшатиб, уларга янада ўсиш имконини беришим лозимлиги борасида ўйлаб қолдим. Мен терма жамоадаги фаолиятимга якун ясамоқчиман.
− Бундан чиқди, энди бор эътиборингизни клубингизга қаратар экансиз-да?
− Ҳа, шундай. Мен терма жамоадан кетяпман. Бу ҳақда яқинда бўладиган терма жамоа йиғилишида эълон қилишни ўйлаб турибман. Бундан кейин фақат клуб учун ўйнайман.
− Янги мавсумни «Локомотив» сафида ўтказасизми?
− Келаётган мавсумда «темирйўлчилар» сафида ўйнайман. Клуб билан шартнома имзолаганман. Яқинда хориж йиғинига жўнаб кетамиз. Мазкур йиғинда ўзимни кўрсатиб, мураббийлар штаби ишончини қозонишни мақсад қилганман. Янги мавсумда «Локо»га совринлар қўлга киритилишида нафим тегишини истайман.
− «Локомотив» олдига янги мавсумда қандай вазифа қўйилган?
− «Локомотив» ўз олдига фақат максимал вазифаларни қўядиган клуб. Биз янги мавсумда ҳам турли совринларга эга чиқишни мақсад қилганмиз. Нафақат ички биринчиликда, балки халқаро майдонда ҳам яхши натижаларга эришиб мухлисларимизни хушнуд этмоқчимиз.
Изоҳ (0)