Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Марказ 375 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 14 бўлим ҳамда 200 қатновга эга маслаҳат поликлиникаси фаолият юритмоқда, — деди кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Эндирбой Абдуллаев. — 100 нафар малакали шифокор, 255 нафар ўрта бўғин тиббиёт ходими аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қиляпти.
Шифокорларнинг янада самарали ишлаши учун яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан аҳоли ҳам мамнун. Ўтган йилнинг ўзида марказимиз 1 миллиард сўмликдан зиёд тиббиёт жиҳозлари, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан таъминланди. Энг замонавий, компьютерлаштирилган ташхис қўйиш ускуналаридан фойдаланаётганимиз даволаш ишларининг янада самарали бўлишига хизмат қилмоқда».
Марказ фаолиятини янада яхшилаш мақсадида клиник диагностика лабораторияси, маслаҳат поликлиникаси, ошқозон-ичак касалликлари бўлими учун уч қаватли янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. «Инвесцтрой Нукус» масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан барпо этилган бино қурилишига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Шифо масканида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг иккинчи босқичида 165 бемор даволанадиган жарроҳлик бўлимининг янги биносини барпо этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)