Почта жўнатмаларини етказиб бериш вақтини қисқартириш мақсадида 2014 йил Ўзбекистонда почта тизимига 483 та маршрут бўйича ҳаракатланадиган 114 та транспорт воситаси жалб қилинди. Бу ҳақда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Ҳайъатининг 2014 йилда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби, истиқболдаги вазифаларга бағишланган мажлисида қайд этилди.
2014 йил 1 октябридан бошлаб «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ буюртмали, баҳоланган ва қўлдан қўлга етказиб бериладиган (Express) халқаро почта жўнатмалари қидируви бўйича эътирозномаларни почта операторларига электрон шаклда алмашиш имкониятини берувчи Бутунжаҳон почта иттифоқининг PRIME тизимига уланди.
«Ўзбекистон почтаси» ОАЖнинг корпоратив тармоғи орқали аҳолига электрон пул жўнатмаларини юбориш, гибрид пул ўтказмаларини етказиб бериш, тўловларни қабул қилиш, нафақалар тўловини ҳисобга олиш, почта жўнатмалари мониторингини юргизиш каби хизматлар кўрсатилмоқда.
Корпоратив тармоққа уланган автоматлаштирилган иш ўринлари сони 2758 тага етказилди. Шу билан бирга, 15 та филиал, 174 та почта узели ва 1,522 та бўлинмалар мазкур тармоққа уланган.
Почта тизимидаги 68 та транспорт воситасига GPS мосламалари ўрнатилди.
Изоҳ (0)