Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Франциянинг Charlie Hebdo нашри билан боғлиқ террорчилик ҳаракатлари юзасидан фикр билдирди.
Бундан бир неча кун аввал Францияда бўлиб ўтган террорчилик ҳаракати оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Биз шайтоннинг васвасасига учиб, бу жиноятни амалга оширганларни мутлақо қоралаймиз. Бинобарин, ислом таълимотларига кўра, бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига таҳдид солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракат қатъиян ман қилинади.
Бу террорчилик ҳаракатлари, авваламбор, ўнлаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган бўлса, бошқа томондан ислом умматига қаттиқ зарба бўлди. Мазкур терактлар бутун дунё бўйлаб тобора кенг қулоч ёяётган исломофобия кайфиятининг янада кучайишига, мусулмонларга бўлган муносабатнинг кескин ёмонлашувига сабаб бўлмоқда.«Тинчликка раҳна солиб, бегуноҳ одамларни ўлдириш мутлақо мумкин бўлмаган, гуноҳ ишдир. Балки, ғазаби ақлидан ғолиб келган айрим мусулмонлар Пайғамбар (с.а.в)ни ҳақорат қилишдек ишга журъат қилган «Шарли Эбдо»га ҳужум уюштиришни тўғри деб билар, лекин куни кеча ҳеч кимнинг назарида бўлмаган мазкур сатирик газета бугун дунё ҳамжамиятининг эътиборига тушиб, адади 60 минг нусхадан қарийб 7 миллион нусхага оширилгани, Муҳаммад алайҳиссаломга ишланган карикатуралар ўрин олган янги сонининг тарқатилгани, Франция мусулмонларига нисбатан бўлаётган турли таҳдидлар, масжидларнинг ёқиб юборилиши, исломофобик кайфиятдаги намойишларнинг уюштирилаётганига назар солинса, мазкур жиноят қанчалик қабиҳ, ислом ва мусулмонларга зарар етказган нотўғри иш бўлганини англаш қийин бўлмайди», — дейилади хабарда.
Мазкур террористик ҳаракатларни бевосита амалга оширган шахслар махсус операция жараёнида йўқ қилинди. Уларнинг айрим маслакдошлари қўлга ҳам олинди. Лекин кўрилган бу чоралар қуролсиз ҳолда отиб ташланган шахсларни ҳаётга қайтаргани йўқ, уларнинг яқинлари чекаётган изтиробларга малҳам бўлгани ҳам йўқ. Шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в) ни масхара қилиш ҳолатларига ҳам чек қўйгани йўқ.«Биз Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўришимизни даъво қилар эканмиз, у зотни яхши кўриш суннатларига амал қилиш ва у зоти барокотни бошқалар ҳам яхши кўриши учун ҳаракат қилиш билан бўлмоғини унутмаслигимиз даркор», — дейилади Қўмита сайтида.
Изоҳ (0)