Осиё Кубоги — 2015даги иштирокини якунлаган Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди. Футболчиларни кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортига чиққан мухбирлар йигитлардан бир нечтаси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди, деб хабар беради «Sports.uz».
Аэропортдан биринчилардан бўлиб чиқиб келган Ўзбекистон терма жамоаси посбони Игнатий Нестеров узоқ давом этган парвоздан толиққанига қарамай саволларга жавоб берди.
«Барча йигитлар қўлдан келганча яхши ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қилди. Лекин яратилган кўплаб қулай вазиятлардан унумли фойдалана олмаганимиз бизга якунда панд бериб қўйди ва биз чорак финалданоқ уйга қайтишга мажбур бўлдик.
Умуман олганда, терма жамоамиз қайд этган натижадан қониқмадим. Биз бундан-да кўпроғига эришишни мақсад қилгандик. Шу боисдан ҳам мусобақадаги иштирокимизни беш баллик тизимда уч баҳога лойиқ кўрган бўлардим.
Осиё Кубогидаги иштирокимиз якунланди. Энди бор эътиборни ЖЧ — 2018 саралаш баҳсларига қаратамиз. Асосий мақсад — мундиал йўлланмасини қўлга киритиш», — деди тажрибали посбон.
Изоҳ (0)