Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш гуруҳининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этди, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Қайд этилишича, бугунги кунда кўкаламзор ҳудудлар Тошкент шаҳри умумий майдонининг 30 фоизини ташкил этади. Шаҳардаги экологик ҳолатга 65,34 гектар майдонни эгаллаган Ботаника боғи ва умумий ҳудуди 190,4 гектарга тенг бўлган 19 та боғ ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган йили Анҳор бўйида янги боғ ҳудуди ташкил этилди. 2014 йил 5 июнда эса ҳукумат «Дўрмон миллий боғини ташкил этиш тўғрисида» қарор қабул қилди.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш гуруҳи атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликка риоя этилишининг назоратини кучайтириш бўйича ишларни амалга оширди. Натижада 19 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилди. Фуқаролар ва ташкилотларнинг аризаларига биноан шаҳардаги ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш масалалари бўйича 1,5 мингдан ортиқ чиқишлар қилинди.
Бешёғоч, Бахт ва Роҳат кўлларидаги қушлар тўхтайдиган масканларда уларнинг нобуд бўлиши ҳолатлари ва инфекцияли касалликлар тарқалиб кетмаслиги бўйича текширувлар ўтказилди. Шаҳар ҳудудидаги бозорларда ўтказилган 15 та рейд давомида 180 та ўрмон сайроқи қушлари ва 2 та лочин олиб қўйилди ва эркинликка чиқарилди.
Изоҳ (0)