Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон иқтисодиётининг 2015 йилги ўсишига доир прогноз кўрсаткичларини яхшилади. Бу ҳақда халқаро молия муассасасининг январь ойидаги ҳисоботида маълумот берилган, дея хабар бермоқда «Kun.uz» UzDaily ахборотига таяниб.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2015 йилда 7,8 фоизга ўсади. Банк ўзининг 2014 йил сентябридаги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти 2015 йилда 7,6 фоизга ўсишини тахмин қилганди.
ЕТТБнинг қайд этишича, Ўзбекистон иқтисодиёти 2014 йилда 8 фоизга ўсган. Айни вақтда, банкнинг 2014 йил сентябридаги ҳисоботида ўсиш суръати 7,5 фоиз қилиб кўрсатилган эди.
ЕТТБ экспертларининг фикрича, 2014 йил Ўзбекистонда инфляция даражаси 11 фоизга тенг бўлган. ЕТТБнинг прогнозига кўра, Ўзбекистонда инфляция даражаси 2015 йилда ҳам 11 фоизга тенг бўлади.
ЕТТБнинг қайд этишича, Россиядаги вазият Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожига ҳам таъсир қилади, чунки нафақат Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми қисқаради, шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ҳам қисқариши кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, 2014 йилда ЯИМ ҳажми 8,1 фоизга тенг бўлган, инфляция даражаси эса 6,1 фоиздан ошмаган. Айни вақтда, Ўзбекистон расмийлари 2015 йилда мамлакат иқтисодиёти 8 фоизга ўсишини, инфляция эса 5,5—6,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.
Изоҳ (0)