Навоий вилоятида Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 13 октябрдаги «1941—1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар беради.
Хусусан, Навбаҳор туманида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уларга санаторий-курорт карталари очилиб, соғломлаштириш марказларига йўлланмалар берилмоқда.
Маълумотларга кўра, уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг бир гуруҳини Навоий кон-металлургия комбинати, «Навоиязот», «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятларига қарашли тўртта ҳамда Хатирчи туманидаги «Олтинсой» санаторийларида соғломлаштириш режалаштирилмоқда.
«Фахрийлар саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, — деди вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси масъул ходими Отабек Сафаров. — Айни пайтда уруш ва меҳнат фронти фахрийларига соғломлаштириш йўлланмалари ажратиш учун рўйхатлар шакллантирилмоқда. Ҳадемай кексаларга санаторийлар хизмат кўрсатишни бошлайди».
Изоҳ (0)