Жанубий Кореяда Криштиану Роналдуга қиёсан Соналдо деб кўкларга кўтариладиган 23 ёшли Сон Хеунг Мин яна машғулотларга киришди. «Баер Леверкузен» (Германия) аъзоси ҳисобланган бу футболчи шамоллаб қолганлиги туфайли гуруҳ босқичида Қувайтга қарши майдонга туша олмади, деб хабар беради «Stadion.uz».
Маълумотларга қараганда, у Ўзбекистонга қарши майдонга тушишга шай. Ҳаттоки, интернетда кеча бош мураббий Ули Штилике терма жамоага бир кунлик дам берганида Сон Хеунг Миннинг жамоадошлари билан Мельбурнда сайр қилганлиги ҳақидаги видеолар пайдо бўлди. Бугун, 20 январь куни машғулотлар якунига етгач, кореялик журналистлар чорак финал олдидан Сон Хеунг Мин фикрлари билан қизиқди.
Журналистларнинг «Анча озиб қолибсиз», — дея қилган ҳазилига футболчи: «Ҳа, озганлигим табиий ҳол. Мазам қочиб, машғулотларда кўнгилдагидек югура олмадим. Алоҳида ҳолда ҳам шуғулланяпман. Энди яхши овқатланиб, яхши ичиб аввалги ҳолатимга кирмасам бўлмайди», — деди.
Шунингдек, Сон Хеунг Мин чорак финал ҳақида «Биз Ўзбекистонга қарши ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Рақибнинг хатоларидан унумли фойдаланиш устида бош қотиряпмиз. Ўзбекистоннинг ўйинларини кўрдим. Уларни кучсиз жамоа деб айтмаган бўлардим. Агар имкониятлардан 100 фоиз фойдаланмасак, Ўзбекистон биз учун жуда ҳам хавфли рақибга айланади», — деб қайд этди.
Изоҳ (0)