Осиё кубогидан ўрин олган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган Сардор Рашидов «Интерфутбол» нашрига интервью берди. Унинг таъкидлашича, ушбу ўйинда борини бериб ўйнагани учун кўп футболчиларнинг томири тортишиб қолган, деб хабар беради «Stadion.uz».
«Хитойга қарши ўйинда бизга нима бўлганлигини тушунолмадик. Шу ўринда, айтишим керакки, ўтган турдаги аламли мағлубият учун мухлислар олдида айбдор эдик. Шунинг учун бугун бор кучимиз билан ўйнадик. Ҳаммамиз 90 дақиқа иштиёқ билан ўйнашга интилдик.
Шахсан мен ҳам яратилган имкониятлардан фойдаланишга интилдим. Қолаверса, бугун менга омад ҳам кулиб боқди. Айтишади-ку омад кучлиларга кулиб боқади, деб. Гувоҳи бўлганингиздек, футболчиларимиз борини бериб ўйнаганидан аксариятининг томирлари тортишиб қолди. Жумладан, мени ҳам ўйин тугаганига 1 соат бўлаётган бўлса-да оёғим увишиб кетяпти (кулади).
Энди тезроқ жисмоний ҳолатимизни тиклашимиз ва тезроқ бугунги ғалабани унутиб, чорак финалга муносиб тайёргарлик кўришимиз лозим. Ўйлайманки, мураббийларимиз бизни келгуси ўйинга, яъни кореяликларга мос тарзда тайёрлай олади», — деди Рашидов.
Изоҳ (0)