Бир неча йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Паҳлавон» кураш клуби очиқ биринчилигини қабул қилиш бу гал Ўзбекистон Кураш Миллий федерацияси томонидан пойтахтдаги Республика олимпия захиралари коллежига топширилди, деб хабар беради «Olamsport.com».
Мазкур спорт маскани кураш залида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 400 га яқин ёш полвон тўпланди.
Турнир ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Мурод Дўсимбетовнинг айтишича, энг ёш полвонлар, яъни 10—11 ёшли спортчилар ўртасидаги беллашувларда Бухоро, Навоий, Сирдарё, Самарқанд ва Наманган вилоятлари жамоалари яққол устунлик қилган.
13 та вазн тоифасидан 5 тасида бухоролик спортчилар, 4 тасида Навоий вилояти вакиллари ғолиб бўлди. Мутахассислар орасида эса Қорақалпоғистон Республикасидан Серик Жусипбеков, Наманган вилоятидан Комил Бўтаев, Навоий вилоятидан Мамадали Норов сингари мураббийларнинг шогирдлари ғолиб ва совриндорлар сафида кўпчиликни ташкил этди.
Изоҳ (0)