Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Мажлисни комиссия раиси М. Абдусаломов олиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида хабар берилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисини чақириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси Ўзбекстон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.
Марказий сайлов комиссияси парламент юқори палатасининг биринчи мажлисини 2015 йил 22 январь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси 2015 йил 22 январь куни соат 10.00 да Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносида очилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йиғилишига келган Сенат аъзоларини рўйхатдан ўтказиш 2015 йилнинг 21 январь куни соат 9.00 дан 18.00 гача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносида амалга оширилади.
Изоҳ (0)