16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йилда ахборот-телекоммуникация соҳасида қилиниши лозим бўлган ишларга эътибор қаратди:
Ривожланган инфратузилмани ташкил этмасдан, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизими, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини тараққий эттирмасдан туриб, иқтисодиётимизни таркибий жиҳатдан ўзгартиришга эришиш мумкин эмас.Шу нуқтаи назардан биз Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини 2013−2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз даркор. Интернет тармоғидан фойдаланишнинг техник имкониятларини янада ошириш, кенг полосали оптик тармоқларни кенгайтириш ва оптик толали алоқа тармоқларини қуриш ишларини давом эттириш, барча ҳудудларни, шу жумладан, узоқ ва чекка ҳудудларни рақамли телевидениега ўтказиш ишларини охирига етказиш зарур.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу дастур ижросини қатъий назоратга олиши ҳамда вазирлик ва идоралар, пудратчи ташкилотлар томонидан 2015 йилга белгиланган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаши даркор.
Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўллари участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг стратегик аҳамиятини инобатга олган ҳолда, «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси, Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, йўллар бўйидаги инфратузилмаларни ривожлантириш юзасидан 2015 йил учун белгиланган вазифаларни сўзсиз бажариш бўйича амалий чоралар кўриш вазифаси топширилади.
Изоҳ (0)