16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида қилиниши лозим бўлган ишларга эътибор қаратди:
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг энг муҳим манбаи ва омилидир.Бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеалар мавжуд маҳаллий хомашё базаси асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлай олишини яққол кўрсатиб турибди.
Маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш борасида тўплаган тажрибамиз бизнинг ташқи омилларга боғлиқлигимизни камайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим рол ўйнашини амалда тасдиқламоқда.
Саноат ишлаб чиқаришида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг жадал ўсиб бораётгани бунинг амалий тасдиғидир. 2005 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 9,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич қарийб 20 фоизга етди.
Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига барча манфаатдор вазирлик, идора, уюшма ва компанияларни кенг жалб этган ҳолда, 2015−2019 йилларга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси топширилади.
Изоҳ (0)