Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро оғир касал бўлиб, ётиб қолди. Узоқ даволанганига қарамай, ишга чиқолмаслигини билгач, укасидан ҳужжатларини тиббий меҳнат эксперт комиссиясига топшириб келишини илтимос қилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» нашри хабар беради.
Паяриқ туман марказий поликлиникаси тиббий меҳнат эксперт комиссияси раиси ҳужжатларни қабул қилиб олгач, фуқарога I гуруҳ ногиронлиги бир йил муддатга берилди. Аммо ўтган бир йил мобайнида унинг соғлиғи яхшиланмади. Шундан сўнг, фуқаронинг қизи отасини яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказиб, ногиронлик муддатини узайтириш ниятида комиссия раисига учрашди. Раис эса мазкур муддатни икки йилга узайтириш учун 800 минг сўм пул сўради.
Беморнинг укаси аввалига айтилган пулнинг ярмини олиб бориб берди. Бироқ жаҳли чиққан раис беморнинг қизига қўнғироқ қилиб, пулнинг қолганини олганидан сўнггина ҳужжатларни олиб кетиш мумкинлигини айтди. Беморнинг қизи ва укаси раиснинг тамагирлигидан аччиқланиб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида тамагир раис беморнинг укасидан қолган пулни олаётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди. Суд томонидан раис айбига яраша беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)