16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистонда аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатининг ошиб бораётганига эътибор қаратди:
Иқтисодиётимизнинг жадал ва мутаносиб ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ҳажми ўтган йили 23,2 фоизга ошди. Аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар эса 10,2 фоизга кўпайди.Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобораортиб бормоқда. Мустақиллик йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
Бу ҳақда сўз юритганда, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининг кескин табақаланиш ҳолати мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Энг кўп ва энг кам даромад оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги кунда 7,8 баробарга тушди. Бу ўринда жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мезони ҳисобланган бу кўрсаткич халқаро меъёрларга кўра, 10 баробар қилиб белгиланганини айтиб ўтиш лозим.
Жаҳон тажрибасида жамиятда ижтимоий табақаланиш ва хавфсизлик даражасини баҳолашнинг яна бир мезони – Жини индексидан кенг фойдаланилади. Мисол учун, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида Жини индекси кўрсаткичи 0,40 дан 0,296 га пасайди. Бу натижа, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсияларига биноан 0,35-0,37 миқдорида белгиланган халқаро стандартлар нуқтаи назаридан қараганда, аҳолимизнинг ижтимоий фаровонлиги муттасил ўсиб бораётганидан далолат беради.
Одамларнинг даромадлари ортиши билан оилаларнинг моддий аҳволи ҳам сифат жиҳатдан ўзгариб бормоқда. Тадқиқотларга қараганда, бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоизи холодилниклар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компутер, чангютгич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда.
Мустақиллик йилларида аҳолининг телевизорлар билан, айниқса, мутлақо янги авлод телевизорлари – плазма экранли рангли телевизорлар билан таъминланиши 1,6 баробар, енгил автомобиллар билан таъминланиши 3,5 марта ошгани ҳам оилаларимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Бугунги кунда деярли ҳар икки оиладан бири шахсий транспорт воситасига эга ва бу машиналар айнан юртимизда ишлаб чиқарилгани барчамизга мамнуният ва ғурур бағишлайди.
Қисқа вақт ичида ҳаётимизга, деярли ҳар бир оилага энг замонавий мобил телефонларнинг бир неча янги авлоди, ноутбуклар, тюнерлар, DVD приставкалари, сунъий йўлдош орқали фаолият кўрсатадиган ва кабелли телевидение, духовкали электр печлар, музлатгич камералар, сув иситиш бойлерлари ва бошқа мутлақо янги, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келди. Бугун биз бу нарсаларга унчалик эътибор ҳам бермаймиз ва уларни одатдаги буюмлар сифатида қабул қиламиз. Ҳолбуки, йигирма йил аввал бундай ашёлар ҳақида ҳеч нарса билмасдик, ҳозирги кунда эса уларсиз ҳаётимизни тасаввур ҳам қилолмаймиз. Энг муҳими, ушбу маҳсулотларнинг аксариятини мамлакатимиз корхоналарида ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз.
Фуқароларимизнинг уй-жой шароитлари ҳам тубдан яхшиланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами йил сайин кенгаймоқда. Мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошди.
Аҳоли сони кўпайиб бораётганига қарамасдан, одамларни уй-жой билан таъминлашда жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдонини 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга оширишга эришилди. Уй-жой фондининг деярли барчаси хусусий мулк сифатида аҳоли тасарруфида эканини айтиш лозим. Ваҳоланки, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшайди.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Ушбу дастур доирасида 2014 йилда 11 мингта янги турар жойлар барпо этилди.
Бугунги кунда шаҳарлар, айниқса, қишлоқларда барпо этилган, шифтлари баланд, хоналари шинам ва ёруғ янги уйлар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, уларни бунёд этишда замонавий қурилиш ва том ёпиш материалларидан фойдаланилмоқда, улар зарур хўжалик биноларига эга. Бундай қишлоқ уйлари сифати ва шароитининг қулайлиги билан ҳеч бир жиҳатдан шаҳардаги уй-жойлардан асло қолишмайди.
Шаҳарларимизни комплекс қуриш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, Урганч, Қарши, Термиз, Самарқанд ва бошқа кўплаб шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда.
Буюк Британиянинг нуфузли «Экономист» журналининг берган баҳосига кўра, Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллади ва жаҳон таснифида яшаш учун энг қулай бўлган йирик шаҳарлар қаторига киритилди.
2014 йилда ижтимоий соҳада ҳам чуқур сифат ўзгаришлари рўй берди. Бу соҳанинг барқарор фаолиятини таъминлаш ва ривожлантиришга давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилмоқда.
Изоҳ (0)