Ўзбекистон МТЖнинг Осиё Кубокларида иштирок этган таркиблари ёши таҳлилларига кўра, Миржалол Қосимов Осиё Кубогининг илк ўйинига энг «қари» таркибни олиб тушган, деб хабар беради «Xushnudbek.uz».
Осиё Кубокларида Ўзбекистон терма жамоаси бугунги кунгача жами 22 та ўйин ўтказган. 22 та ўйиндаги таркиблар кўриб чиқилса, Миржалол Қосимов нафақат илк ўйинда, балки бутун Осиё Кубоклари тарихида Ўзбекистоннинг энг «қари» таркибини майдонга бошлаб тушгани маълум бўлди. Қосимов мураббийлигидаги иккала ўйинда ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг ўртача ёши 29,5 ёш бўлди. Бу рекорд кўрсаткичдир.
Энг ёш таркиб эса 2004 йилги Осиё Кубогида Равшан Ҳайдаров мураббийлигида майдонга тушган. Осиё Кубоги — 2004 баҳсларининг гуруҳ босқичи 3-турида Туркманистонга қарши майдонга тушган Ўзбекистон терма жамоасининг ўртача ёши 23,5 ёш бўлганди ва ўша ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон жамоасининг 2-турдаги ўйинидан кейин Миржалол Қосимов ўзбек футболи тарихига Осиё Кубокларида иккита ўйинга бир хил таркиб туширган биринчи мураббий сифатида кирди.
Хабарингиз бўлса керак, Австралия майдонларида ўтаётган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси КХДРга қарши ҳам, Хитойга қарши ҳам бир хил таркиб билан ўйинни бошлади. Миржалол Қосимов таркибга биронта ўзгариш киритмади. Бунақа ҳолат илгари бирон марта бўлмаганди. Агар турниргача МТЖ Осиё Кубокларида 20 та ўйин ўтказган бўлса, майдонга 20 хил таркиб тушган, 20 хил.
Изоҳ (0)