16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратди:
Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш аҳолимиз, аввало, ёш авлодимизнинг соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини инобатга олиб, бу соҳага алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу борада спорт иншоотларини ҳар томонлама ривожлантириш ва уларни замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.2014 йил мобайнида фақат Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 18 та намунавий спорт объекти ва 73 та мактаб спорт зали барпо этилди, 24 та объектда қарийб 100 миллиард сўмлик реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилганини қайд этиш лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 миллионга яқин фарзандларимиз, шу жумладан, 840 мингдан ортиқ қиз болалар спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда.
Нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз спортчилари эришаётган ғалабалар тобора кўпайиб бормоқда. 2014 йилда спортчиларимиз 849 та медални қўлга киритди, уларнинг 266 таси олтин медаллардир.
Бу ҳақда гапирганда, ўтган йилнинг кузида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган, 45 давлатдан 13 минг спортчи қатнашган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 61 та, жумладан, 12 та олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоаси энг кучли ўнта мамлакат қаторидан жой олганини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Спортчиларимиз ана шундай ютуқлари билан Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этишга муносиб ҳисса қўшдилар ва уларнинг қўлга киритган марралари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, албатта.
Изоҳ (0)