Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги «Ободон» сув истеъмолчилари уюшмасининг 2007 йил 4 январдаги тегишли буйруғи билан ходим мироб вазифасидан озод қилинган эди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2014 йил 24 апрелдаги ҳал қилувчи қарорига кўра, «Ободон» сув истеъмолчилари уюшмасининг 2007 йил 4 январдаги тегишли буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинади. Ўз ўрнида ходимнинг мироб вазифасига тикланиши белгиланади.
Сўнгра, ушбу ижро ҳужжати Шўрчи туман суд ижрочиларининг иш юритувига олиниб, ижро иши юритишни қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, «Ободон» СИУ бошлиғига тақдим этилган. Бироқ, уюшма раҳбари ижро ҳужжати талабини бажармаганлиги сабабли Шўрчи тумани суд ижрочилари бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилади.
Шу билан бирга, «Ободон» СИУ бошлиғи суд ҳужжатини ижро қилмаган тақдирда, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади. Аммо ўз билганидан қолмаган бошлиқ бу масалага панжа орасидан қараб, мансабини суистеъмол қилиб ходимни ишга қайтармайди.
Мазкур ҳолат бўйича Шўрчи туман прокуратураси томонидан уюшма бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва лавозимидан четлаштирилиб, жавобгарлик масаласи ҳал қилинди. Шу тариқа қўл остидаги ходимларни назар-писанд қилмаган ўзбошимча бошлиқнинг иш фаолияти якун топди.
Изоҳ (0)