Испания Қироли кубогининг чорак финалига «Қироллик клуби»эмас, «Атлетико» йўл олди. Анчелотти шогирдлари ўз олдиларига қўйилган вазифани уддалай олишмади, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
«Висенте Калдерон» стадионида ўтказилган дастлабки ўйинда «Атлетико» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Шу боис, «Реал»нинг вазифаси осон эмасди, аммо уддалаб бўлмайдиган иш ҳам эмасди. Бунинг учун Анчелотти жамоаси ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб, 90 дақиқа давомида ҳеч бўлмаганда 2 та гол уриб, ўйинни қўшимча бўлимларга кўчириши мумкин эди. Бу иш ҳозирги «Реал»нинг қўлидан келарди.
Аммо Фернандо Торрес ҳаммасини «расво» қилди. «Матрасчилар» ҳар иккала бўлимнинг биринчи дақиқасидаёқ (1 ва 46-дақиқалар) рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ўйиндаги интригани биратўла «ўлдириб», «янчиб», «кўмиб» ташлади. Биринчи бўлим давомида «қаймоқранглилар» катта босим уюштиришди. Битта гол уришди ҳаттоки. Аммо иккинчи голдан кейин «Реал» 4 та гол уриши учун 45 дақиқа камлик қиларди. Роналдунинг голи «Сантяго»га йиғилган мухлислар ҳурмати дурангни тақдим этди.
Шу тариқа, Испания кубогининг амалдаги соҳиби мусобақани тарк этди. «Атлетико» эса чорак финалда «Барселона»га қарши баҳс олиб боради. Ҳар иккала ўйин январь ойида бўлиб ўтади.
Испания кубоги, нимчорак финал, жавоб ўйини
«Реал Мадрид» – «Атлетико» 2:2
Голлар: 0:1 – 1 Торрес, 1:1 – 20 Рамос, 1:2 – 46 Торрес, 2:2 – 54 Роналду.
«Реал Мадрид» – Навас, Рамос, Карвахал, Пепе (Варан, 59), Марсело, Иско, Хамес (Хесе, 72), Бейл, Кроос, Бензема, Роналду.
«Атлетико» – Облак, Хуанфран, Miraнда, Годин, Сикейра, Коке, Суарес, Гарсия (Хименес, 81), Тиагу, Гризманн (Габи, 73), Торрес (Туран, 58).
Огоҳлантиришлар: Гарсия (28), Тиагу (49), Годин (52), Рамос (56), Марсело (83), Коке (85), Карвахал (86), Иско (90).
Биринчи ўйин: 0:2
Изоҳ (0)