Ташқи савдо билан шуғулланадиган йирик ўзбек компанияси «Ўзинтеримпекс» Россиянинг Тюмень вилояти савдо уйи билан ҳамкорликни йўлга қўйди, деб хабар беради «Kun.uz».
Тюмень савдо-саноат палатаси вакиллари «Ўзинтеримпекс» раҳбарияти билан учрашув чоғида Ўзбекистондан мева, полиз ва сабзовот маҳсулотларини ҳудудга етказиб берилиши бўйича келишувга эришди. Рус матбуотида маълум қилинишича, эндиликда Тюмень вилояти бозорлари Ўзбекистондан келтирилган янги сабзавот, мева ва полиз маҳсулотлари билан тўлдирилади.
«Биз марказий осиёлик ҳамкорлар билан иқтисодий келишувларни амалга оширишни бошлаймиз. Агар ҳамкорлик самарали кечса, биз нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари билан, балки бошқа турларда ҳам савдоларни йўлга қўямиз», — деди Тюмень Савдо-саноат палатаси президенти Эдуард Абдуллин.
«Ўзинтеримпекс» компаниясининг экспорт бўйича таҳлилчиси Жамшид Юлдашев эса компания тюменликлар билан тўқимачилик соҳасида ҳам иқтисодий ҳамкорлик қилиш режаси мавжудлигини маълум қилган.
Маълумот учун, Ўзинтеримпекс» компанияси таркибида 8 та пахта сақлаш терминаллари мавжуд бўлиб, компания йилига 160 минг тонна пахта толасини экспорт қилади.
Изоҳ (0)