Ҳар қандай ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашни, унинг бахт-у иқболини кўришни истайди. Бунинг учун бола таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратади, деб қайд этади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ёшларни турли таҳдидлардан асраш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод сифатида тарбиялаш муҳим вазифалардан биридир. Хусусан, ёшларнинг маънавий оламини болаликдан бошлаб эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтиришда қўғирчоқ ва ўйинчоқларнинг ўрни беқиёс. Президент Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида таъкидланганидек, ўйинчоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши ҳам, ҳеч шубҳасиз, унинг болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсгани билан белгиланади.
Ўзбекистонда миллий қўғирчоқ ва ўйинчоқларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хусусан, ҳунармандларни бу борада рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Болалар саломатлиги, руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган, санитария-гигиэна талабларига жавоб бермайдиган, сифатсиз ўйинчоқлар Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўллар орқали кириб келишининг олди олинмоқда. Бироқ миллий менталитетга зид ўйинчоқ ва қўғирчоқлар Ўзбекистон бозорларига контрабанда йўли билан, оз миқдорда бўлса-да, кириб келмоқда. Улар турли ёт ғоялар, маънавий ва мафкуравий таҳдидлар, «оммавий маданият»ни тарғиб этиши билан ҳам хавфлидир.
Соҳа мутахассислари, ота-оналар ўйинчоқ ишлаб чиқаришда кўпроқ миллий-маънавий меросга, халқ оғзаки ижодига мурожаат этиш кераклигини таъкидлайди. Zero, Ўзбекистон қизлари мини юбка кийган «Барби» билан эмас, узун атлас кўйлакли Барчинойлар билан дўстлашса, ўғил болалар хорижий автомаркаларни эмас, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашина ўйинчоқларини ўйнаса, ҳақиқий миллат қаҳрамонларини билса, уларда ватанпарварлик туйғулари янада теранроқ шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
«Бола қалби мисоли ёзилмаган оқ қоғоз, — деди психолог Ширин Мустафоева. — Унинг илк таассуротидаги нарса бир умр ёдидан чиқмайди. Илмий хулосаларга кўра, инсон бутун умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини беш ёшгача қабул қилар экан. Илк ҳаётий тасаввурлар, инсон тафаккурида пойдевор бўлувчи тушунчалар болалар онгига айнан шу пайтда сингади. Демак, беш ёшгача бўлган болаларнинг турли ўйинчоқлардан олган таассуротлари ҳам узоқ муддат уларнинг онгида сақланиб қолади. Хорижда ишлаб чиқарилган, бизнинг менталитетимизга тўғри келмайдиган қўғирчоқ ва ўйинчоқлар бола онги тафаккурига салбий таъсир ўтказади. Шу боис миллий қаҳрамонларимиз ифода этилган қўғирчоқларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ёш авлод камолотига хизмат қилади».
Қўқонлик ҳунарманд Шоҳсанам Худойбердиева миллий қўғирчоқлар ясашнинг моҳир устаси. У тайёрлаган қўғирчоқларни болажонлар севиб ўйнайди. Миллий мато, оддий ва зарарсиз буюмлардан тайёрланаётган бу қўғирчоқлар бола соғлиғи ва маънавий оламида муҳим ўрин тутади.
«Сўз фарзанд саломатлиги, унинг камоли хусусида кетар экан, бу ишга ниҳоятда катта эътибор ва масъулият билан ёндашмоқ лозим, — деди Ш. Худойбердиева. —Қўғирчоқларни яратиш чоғида, аввало, унинг миллийлигига, нафис кўринишига, либосларнинг ва унда ишлатиладиган бўёқларнинг сифатига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Фарзандларимиз тажовузкор, ғарбона ўйинчоқлар билан эмас, аксинча, ички кечинмалари юзида акс этиб, ибо-ҳаё, миллийлик нафаси уфуриб турган, инсоний туйғулар ифодаланган шарқона қўғирчоқлар билан дўст бўлишини истардим».
Изоҳ (0)