Бугун «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлислари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси хабар берди.
Мазкур Қонунга биноан, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади. Олий Мажлис Сенатига сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлислари бўлиб ўтмоқда.
Эртага, 14 январь куни Сенат аъзолари сайлови Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)