12 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси расмий сайтида хабар берилди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг таклифига кўра, қуйи палата аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодлар кўрсатиш бўйича Оқсоқоллар кенгашини тузди.
Оқсоқоллар кенгашининг таклифига кўра, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайлади.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига ҳар бир номзод бўйича овоз берди ҳамда бу лавозимларга Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Содиқжон Турдиевни, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратовни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Хотамжон Кетмоновни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи раҳбари Борий Алихановни сайлади.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қўмита раиси лавозимлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублиги ҳамда сайловда олинган сайловчилар овозлари сони ҳисобга олинган ҳолда аниқланади. Қўмита раиси лавозимига номзодлар юзасидан таклифлар депутатлар бирлашмаларининг раҳбарлари томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар асосида киритилади. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан қуйи палата қўмиталарининг рўйхатини тасдиқлаш ҳамда қўмиталар раисларининг лавозимларини сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи ўртасида тақсимлаш тўғрисида яхлит қарор қабул қилинди.
Шунингдек, депутатлар парламент қуйи палатаси қўмиталари раисларини ҳам сайлади.
Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов сўзга чиқди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўз ишини якунлади.
Изоҳ (0)