Осиё Кубоги доирасида Ўзбекистон — КХДР терма жамоалари ўртасида кечган учрашувдан сўнг (1:0) матбуот анжумани ўтказилди. Журналистлар билан мулоқотда аввал Шимолий Корея терма жамоаси бош мураббийи келиши кутилди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Шимолий Корея терма жамоаси бош мураббийи матбуот анжуманига кириб келди ва ўз фикрларини билдириб ўтди: «Биз бу ўйинда ғалаба қозонишни жуда истагандик. Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси иштиёқ борасида биздан устун келди. Биз ўз хатомизни келгуси учрашувда тўғрилашга ҳаракат қиламиз».
Австралиялик журналист: Бу мағлубиятдан сўнг гуруҳдан чиқиш имкониятингизни қандай баҳолайсиз?
Жавоб: Бизда ҳали икки ўйиндан иборат имконият бор ва биз бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишни мақсад қилганмиз.
Жанубий кореялик журналист: Ўйиннинг сўнгги дақиқасида гол уриш учун 100 фоизлик имконият бўлди, аммо гол урилмади. Ўша вазиятдаги ҳолатингизни тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Сўнгги сонияларда омадимиз келмади. Аммо барибир натижа бу натижа бўлиб қолаверади. Энди биз барча эътиборни кейинги ўйинга қаратамиз. Биз кейинги учрашувларда ҳужумкор ўйин намойиш этишни кўзламоқдамиз. Ўшанда бундай имкониятлар бизда кўп бўлади ва афсусланишга ҳожат қолмайди.
Араб журналисти: Осиё Кубогидаги энг асосий рақиблар ким деб ҳисоблайсиз?
Жавоб: Менимча, бу ердаги кўплаб терма жамоалар биздан кучлироқ. Биз ҳар бир ўйинга барча куч ва иштиёқимизни қаратишимиз керак. Ўшанда биз ғалабага эришишимиз мумкин.
«Интерфутбол» газетаси бош муҳаррири Ахадхон Абдуҳамитов: Бугун Ўзбекистон терма жамоасидан нима кутгандингиз ва ёмғир ўйинингизга таъсир ўтказдими?
Жавоб: Ўйиндан аввал биз қарши ҳужумлар асосида ўйнашни мақсад қилиб олган эдик. Аммо гол ўтказиб юборганимиздан сўнг ҳам мана шу тактикадан воз кечишни истамадим. Бу хато қарор эди. Ёмғирга келадиган бўлсак, албатта у бизга ҳалал берди. Кўплаб футболчиларимиз ёмғир туфайли ўз имкониятлари даражасида ўйнай олмади.
Хитойлик журналист: Кейинги учрашув Хитой терма жамоасига қарши кечади. Рақибингиз ҳақида қандай маълумотга эгасиз?
Жавоб: Хитой терма жамоасига қарши кечадиган ўйин осон бўлмаслигини биламиз. Хитой кучли рақиб ва ҳозир бор хаёлим мана шу учрашувга қаратилган. Биз гуруҳда қолган икки ўйинни муносиб тарзда ўтказишимиз керак.
Шу билан КХДР терма жамоаси бош мураббийи Жо Тонг Соп иштирокидаги матбуот анжумани якунига етди. Йиғилганлар Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг ташрифини кутди.
Изоҳ (0)