«Бунёдкор» БАА йиғини доирасидаги илк назорат учрашувини Нидерландиянинг 14 карра чемпиони, Роттердамнинг «Фейеноорд» клубига қарши ўтказди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
«Бунёдкор» ва «Фейеноорд» клублари ўтказган музокара самараси ўлароқ ушбу учрашув ташкил этилди. Ўйин Дубайнинг кўзга кўринган ареналаридан бўлмиш «Шайх Ҳамдан Ал Мактум» стадионида бўлиб ўтди.
Бевосита учрашувга тўхталадиган бўлсак, Сергей Лушан Европанинг донгдор клубига қарши бошланғич таркибга анчайин ёш футболчиларни киритди. «Қалдирғочлар»нинг биринчи бўлимдаги ўртача ёши 18,7ни ташкил этди. Аксинча, «Фейеноорд» жамоаси эса баҳсни ўзининг асосий таркиби билан бошлади.
Ҳар иккала жамоа ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этишга ҳаракат қилди. Лекин ҳимоячилар ўз жойларида бехато ўйнашиб, хавфли ҳужумларни бартараф этиб туришди. Учрашувнинг 43-дақиқасида Забихилло Ўринбоев «Фейеноорд» дарвозасини жудаям чиройли тарзда ишғол қилиб, ўйиндаги ҳисобни очди. Жамоалар танаффусга «Бунёдкор»нинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоа таркиби деярли тўлиқ ҳолда янгиланди. Сергей Лушан иккинчи таймда тажрибали футболчилар билан бир қаторда жамоа сафига янги келиб қўшилган ўйинчиларни майдонга туширди. Танаффусдан кейин ҳисобни тенглаштириш учун қатор ҳужумлар ташкил этган нидерландияликлар 64-дақиқада Тонни Триндаде де Виленанинг голи эвазига ўртадаги мувозанатни тикладилар – 1:1.
Учрашув шу ҳисоб билан якун топиб бораётган паллада Samiр Бекричда ғалаба тўпини киритиш учун яхши вазият юзага келди. Лекин ярим ҳимоячимиз бу имкониятдан самарали фойдалана олмади.
Шу тариқа, «Бунёдкор» БАА йиғини доирасидаги илк назорат учрашувини Европанинг машҳур клуби «Фейеноорд»га қарши ўтказиб, 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этди. Натижа қониқарли кўринса-да, мураббийлар штаби ушбу ўйиндан ўзларига керакли хулосаларни аниқлаб олиб, жамоани мавсумга янада яхши тайёрлашга ҳаракат қилишади.
Халқаро ўртоқлик учрашуви. 8 январь, Дубай. «Шайҳ Ҳамдан Ал-Мактум» стадиони
«Бунёдкор» (Ўзбекистон) – «Фейеноорд» (Нидерландия) 1:1 (1:0)
Голлар: Забихилло Ўринбоев 43 (1:0), Тонни Триндаде де Вилена 64 (1:1)
Изоҳ (0)