Қорақалпоғистон Республикасида 2014 йил инвестиция дастурига мувофиқ, 77 километрдан зиёд сув қувурлари таъмирланиб, 445 километр масофага ичимлик суви тармоқлари ётқизилди. Тўртта қудуқ қазилиб, 39 замонавий насос станцияси қурилди. Натижада 29 мингга яқин аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси яхшиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шуманай туманида БМТнинг Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида 65 миллион 240 минг сўмлик грант асосида Давлатбой ва Султаш овулларига янги сув тармоқлари тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
«Айниқса, олис овулларда яшаётган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Шуманай тумани қишлоқ хўжалиги сув тармоқлари бошқармаси бошлиғи Мирзабой Қутлимуратов. — Жумладан, ‘Бегжап’ овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Бердибой ва Кўксув овулларига сув етказиб берувчи насос станциясида 735 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилгач, 166 хонадон учун сув таъминоти яхшиланди. Олис ҳудудларда ичимлик сув муаммосини ҳал этиш мақсадида тўртта трактор ва битта махсус автомашинадан фойдаланилмоқда».
Бундай эзгу ишлар 2015 йилда ҳам изчил давом эттирилади. 90 километр масофага янги ичимлик суви тармоғи тортилади. Бу 2 мингдан зиёд хонадонга тоза ичимлик суви етиб боради, демакдир. Кегейли туманининг «Кегейли» аҳоли пунктида 3,8 километр, «Халқобод» аҳоли пунктида эса 2,6 километр масофага қувур тортилиб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган талаби қондирилади.
Изоҳ (0)