ОФК раҳбарияти Австралияда бошланадиган Осиё кубогининг очилиш учрашувини ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматовга ишониб топширди. Бу ҳақда «Stadion.uz» сайти хабар тарқатди.
“A” гуруҳи вакиллари — Австралия ва Қувайт ўртасидаги учрашув 9 январь куни Тошкент вақти билан соат 14:00 да бошланади. Ўйин Мельбурндаги Rectangular Stadium’да бўлиб ўтади.
Равшан Эрматов фаолияти давомида учинчи марта Осиё кубоги мусобақасида иштирок этади. У илк марта қитъа чемпионатининг очилиш ўйинида ишлайдиган бўлди. Осиё кубоги−2004’да ҳамюртимиз битта ўйинни бошқарган. 2007 йилда бўлиб ўтган турнирда Эрматов иштирок этмаган. Боиси, у Канададаги ёшлар ўртасидаги ЖЧга таклиф олган.
Ўзбекистонлик рефери Осиё кубоги−2011’да 4 та ўйинни бошқарди, жумладан, финал ўйини ҳам Эрматовга топширилган. Қатардаги мусобақанинг очилиш ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этганидан хабарингиз бор.
Маълумот учун, Осиё кубоги−2015’да Эрматовга Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради. Австралиядаги турнирда Валентин Коваленко бошчилигидаги ҳакамларимиз ҳам иштирок этяпти.
Изоҳ (0)