Ўзбекистонда таркибида наркотик ва психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларини почта жўнатмалари орасида жўнатиш ҳолатлари учрамоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бошпочтампт» божхона пости ходимлари шу турдаги бир неча божхона қоидабузарлигини фош қилди.
Пойтахтлик фуқаро номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, буюмлар орасида «CN-23» шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 143 дона «Акамол» номли психотроп таблеткаси борлиги маълум бўлди.
Мазкур пост ходимлари томонидан бошқа бир фуқаро номига келган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда эса ундаги буюмлар орасида 100 дона «Катапресан» номли психотроп таблеткаси борлиги аниқланди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда почта жўнатмасидаги буюмлар орасидан 90 дона «Тавор» номли психотроп таблеткаси топилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)