Шу ҳафта бошланадиган Осиё кубогида Ўзбекистондан 2 нафар рефери иштирок этади. Равшан Эрматов ва Валентин Коваленко бошчилигидаги ҳакамларимиз 2 январь куни Австралия томон йўлга чиқишди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Навбатдаги Осиё кубоги Эрматов учун 3-қитъа чемпионати ҳисобланади. У дастлаб 2004 йили Хитойда бўлиб ўтган мусобақада ишлаганди. Кейинги, яъни Осиё кубоги-2007’да ҳакамимиз иштирок этмади. Зеро, ўша пайт ФИФА уни Канадада ўтказилган ёшлар ўртасидаги ЖЧга таклиф қилганди. Қатар−2011да Эрматов энг мураккаб ўйинларни бошқарди, хусусан, турнир финали ҳам унга ишониб топширилди. Қитъада ўз ўрнига эга бўлган Коваленко учун эса бу дастлабки йирик мусобақадир. ФИФА рефериси Равшан Эрматов сафар олдидан «Интерфутбол» газетасига интервью берди
— Бундан бир ой аввал Осиё кубогида иштирок этадиган ҳакамлар учун семинар ташкил этилди ва барча-барча имтиҳонлардан ўтди. Ўша синовлар бизнинг ҳакамлар учун қай тарзда кечди?
— Барчамиз улардан муваффақиятли ўтдик. Фақат Коваленконинг ёрдамчиси — Маъмур Саидқосимов амалий машғулот чоғи жароҳатланди. Шифокорлар текширувдан ўтказишганидан кейин унинг тикланиши учун бир ой вақт талаб қилиниши ойдинлашди. Шунинг учун у Австралияга боролмайдиган бўлди. Бундан ОФК Ҳакамлар департаменти раҳбарияти ҳам афсусланди. Аммо барчамиз инсонмиз, иссиқ жонмиз. Спортда жароҳат ҳамиша ёнма-ён юради. Энди Коваленко гуруҳида Маъмурнинг ўрнини гонконглик лайнсмен эгаллади. Жаҳонгир Саидов ҳам ушбу гуруҳда ишлайди.
— Сизнинг бригадангизда ўзгаришлар бўлмадими?
— Йўқ. Менга ҳар доимгидек, Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ёрдам беришади.
— Осиё кубогига борадиган ҳакамлар рўйхатига назар ташласак, биз учун янги ҳисобланган рефериларни ҳам кўрамиз. Тажрибали Юичи Нишимура эса қитъа чемпионатида ишламайдиган бўлибди.
— Нишимура ЖЧ−2014’дан кейин халқаро фаолиятини якунлашга қарор қилди. У энди фақат Япония J-ligaсида ишлайди.
— Баҳодир Қўчқоров ҳам Осиё кубоги-2015’дан кейин халқаро фаолиятини якунлашини эълон қилганди.
— ФИФА яқинда ҳакамлар учун белгиланган ёш чегарасини (45) бекор қилди. Баҳодир ака ҳозирда ёшларга ибрат кўрсатадиган формада. Агар жисмоний ҳолати кўтарса, яна бир неча йил халқаро мусобақаларда иштирок этиши мумкин. Ҳаммаси ўзига боғлиқ.
— Ўз жисмоний ҳолатингизни қандай баҳолайсиз? Йил давомида деярли дам олишсиз ишладингиз, толиқиш йўқми?
— Бироз бор. Боиси, мавсум оғир кечди. Биз умуман таътилга чиқмадик. Кўплаб халқаро мусобақаларда иштирок этдик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, мусобақа бошланган пайт юқори формада бўлишга ҳаракат қиламиз ва Осиё кубогида боримизни бериб ишлаймиз. Хусусан, Австралияга етиб борганимиздан кейин бир неча кун давомида тайёргарлик бўйича яна бир семинардан ўтамиз. Бу ҳам формамизни тиклашга ёрдам беради.
— Нуфузли мусобақаларнинг очилиш ва финал учрашувларини бошқаргансиз. Аммо ҳозирча Осиё кубоги очилиш баҳсида ишламаган экансиз.
— Турнирнинг 1-тур ўйинларини бошқариб борадиган ҳакамлар рўйхати старт арафасида эълон қилинади. Бизга қайси ўйин ишониб топширилишидан қатъий назар, бор маҳоратимизни ишга солиб, учрашувларни адолатли бошқариб боришга ҳаракат қиламиз. Очилиш ўйини бўладими ёки бошқаси − бунинг аҳамияти йўқ. Қисқаси, барча ўйинга бирдек жиддий ёндашамиз.
— Фақат Ўзбекистондан 2 та бригада таклиф этилгани бизнинг ҳакамларга берилган юқори баҳо, назаримизда.
— Ҳа, Осиё кубоги тарихида илк марта битта мамлакатдан 2 та ҳакамлар гуруҳи иштирок этади. Валентин бунгача қитъа миқёсидаги барча мусобақаларда ишлаган. У ҳақли равишда Осиё кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ишонаманки, Коваленко берилган имкониятдан фойдаланиб, юқори малакали ҳакам эканлигини яна бир марта исботлайди.
— Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик ҳакамлар ва терма жамоамизга бўлажак мусобақада омад тилаймиз.
— Раҳмат. Биз ҳам халқимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
Изоҳ (0)