2013 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятидаги Оҳангарондан 20 километр жануби-шарқда, Овжасой қишлоғи яқинидан қадимий жонивор, тахминларга кўра мамонтнинг суяк қолдиқлари топилган эди. Бу ҳақда «Uz24.uz» хабар бермоқда. Ер остида жуда чуқур жойлашган қолдиқларнинг аниқланишига тупроқнинг устки тарихий-маданий қатламларини ювдириб кетган сел сабаб бўлган.
5 кун олиб борилган қазиш ишлари давомида суяклар устига махсус гипс қуйилди. Сўнгра улар эҳтиёткорлик билан реставрация ишлари ўтказилаётган Геология музейига кўчирилди.
Ушбу ноёб экспонатни кўриш истагида бўлганлар музейнинг барча иш кунларида ташриф буюришлари мумкин бўлади, мактаб ўқувчилари учун эса махсус экскурсия дастури тайёрланмоқда.
Маълумот ўрнида, Архидискодон (Archidiscodon meridionalis Nesti) − Африка, Ҳиндистон филлари, мамонтларнинг қадимий аждоди ҳисобланади. Бу жонзотлар 2-2,5 миллион йил аввал яшаган. Эътиборлиси, бу маҳаллий геология тарихида сўнгги 60 йил ичида қайд этилган энг ноёб топилмадир.
Изоҳ (0)