Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловида Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисм дивизион командири, майор Темур Ҳамроев «Энг илғор батальон командири» йўналиши бўйича ғолиб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилиб ўсган Темур болалигидан кўпчилик тенгқурлари қатори ҳарбийликка ҳавас қилди. 2005 йилда Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртини муваффақиятли битиргач, ёш офицерни Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирига йўллашди. Дастлаб гуруҳ, кейинчалик баталон командири бўлди. 2010 йилдан буён дивизион командири сифатида аскар ва сержантларга ўз билим ва тажрибаларини ўргатиб, Марказий ҳарбий округ ва мамлакат миқёсидаги мусобақа ва танловлар, маданий тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда.
«2013 йилда ‘Энг илғор мутахассис’ танловида ‘Энг илғор дивизион командири’ йўналиши бўйича иккинчи ўринни эгаллаган эдик, — деди Темур Ҳамроев. — Бу йил ‘Энг илғор батальон командири’ номинациясида ғолиб бўлдик. Бунда катта лейтенант Фаррух Сотволдиев, Давлат Шарипов ва кичик сержант Мансур Бердимуродовнинг муносиб ҳиссаси бор. Бундан ташқари, икки йилдан буён ҳарбий қисмимиз жанговар ва маънавий тайёргарликда энг яхши, деб эътироф этилмоқда».
Маълумот ўрнида, шу кунларда ҳарбий қисмда Ватан ҳимоячилари куни олдидан хизматчилар ўртасида «Ватан — улуғ, бурчим — муқаддас» шиори остида турли танлов ва мусобақалар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)