26 декабрь куни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги қошидаги бадиий кенгашнинг навбатдаги мажлисида агентлик буюртмасига биноан «Ўзбекфильм» киностудиясида тасвирга олинган «Новда» бадиий фильмининг кўриги ва муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Бадиий кенгаш аъзолари фильм профессионал даражада тасвирга олинганини қайд этиб, режиссура, операторлик иши ва унга басталанган мусиқага яхши баҳо берди ҳамда унда рол ўйнаган барча ёшдаги актёрларнинг ижро маҳоратини эътироф этди. Ушбу фильмнинг айрим эпизодларини янада бойитиш мақсадида ўзгартиришлар киритиш тавсия этилди.
Ўзига хос юмор билан йўғрилган фильмда (сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Зулфиқор Мусоқов) бир оила мисолида турли авлодга мансуб кишиларнинг тақдири, ўзаро муносабатлари ҳақида ҳикоя қилинади.
«Новда» бадиий фильмининг болалар қишки таътили пайтида катта экранга чиқиши кутилмоқда.
Кенгаш аъзолари Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида тасвирга олинган «Зумраша» болалар юмористик киножурналининг навбатдаги тўпламини ҳам муҳокама этиб, қабул қилди.
Бундан ташқари, бадиий кенгашда режиссёр Шуҳрат Маҳмудовнинг «Сотувга қўйилган одамлар» (LONA студияси), режиссёр Нозим Аббосовнинг «Дарға» (ЁТИУ «5-студия»), Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси тақдим этган «Гирдоб» ва «Қадриятлар қадрланган юрт» ҳужжатли фильмлари муҳокама қилиниб, уларни катта экранга чиқаришдан олдин айрим жузъий камчиликларини тузатиш тавсия этилди.
Изоҳ (0)