Шу йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов олиб борди. Бу ҳақда 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ахборотига таяниб, Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида хабар берилди.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11 ва 48-моддаларига мувофиқ, 2015 йил 4 январда 22 та сайлов округида бўлиб ўтган такрорий овоз бериш натижаларини инобатга олган ҳолда мамлакат парламенти Қонунчилик палатаси сайлови якунлари кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг такрорий овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 22 нафар депутати рўйхатга олинди. Шундай қилиб, барча 135 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови якунланди.
Сайлов қонунчилигига асосан такрорий овоз бериш 22 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайлов натижаларига кўра сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилди. Такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига фамилиялари киритилган 3 миллион 434 минг 345 нафар сайловчидан 2 миллион 642 минг 63 нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 76,9 фоизини ташкил қилади.
Такрорий овоз беришда сиёсий партияларнинг 5700 дан ортиқ кузатувчилари ва ваколатли вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)