Навоий вилоятида Россия Федерацияси Рязань вилоятига ишга жойлаштиришини ва катта миқдордаги ойлик маош олишларини айтиб қанчадан-қанча кишиларни алдаган жиноятчи қўлга олинди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Бир гуруҳ жабрланувчилар 2010 йилнинг май ойида хорижга кетиб, Рязанда олти ойга яқин маошсиз, паспортларидан айрилиб, оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлдилар. Жиноятчи 2011 йил май ойида яна шунга ўхшаш жиноят содир этди. Бу сафар унинг тўрига тушганлар ўн тўрт киши эди. 2013 йил март−апрель ойларида бир гуруҳ кишиларни ўзи билан Рязанга олиб кетган жиноятчи уларнинг меҳнати эвазига топилган пулларга қўша-қўша уй-жойлар сотиб олди.
Яхшироқ яшаш орзусидагилардан бўлган жабрланувчилардан бири ҳам унинг ҳузурига келиб, уни ҳам Россияга олиб кетишни илтимос қилди. Кўп ўтмай Рязанга етиб келиб, унга ваъда қилинган шароит, қулайликлар тўғрисидаги гапларнинг пучлигини билган жабрланувчининг ғазаби қайнади. Уни ҳатто ўзи хоҳлаган ишни қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилиб, ўн саккиз қаватли бино қурилишида буюрилган ҳар қандай топшириқни бажаришга мажбур қилишади. Энг ёмони, иш ҳақи уйидагиларга уларни ишга олиб келган воситачи орқали етказиларди. Бир неча ойдан сўнг оиласи билан телефон орқали гаплашган жабрланувчи пулнинг фақат ярми етиб борганини билди.
Судда жиноятчининг барча қилмишлари аниқланади. Бироқ, судланувчи айбига иқрор бўлмади. Россия давлатининг Рязань вилоятида кўп йиллар ишлаб, танишлар орттирганини, ҳеч кимни мажбурлаб олиб кетмаганини айтиб, туриб олди. Ҳатто ўз укасини ёлғон ваъдалар билан Рязанга олиб борган «меҳрибон» ака жигарига ҳам иш ҳақини тўлиқ бермаганлиги, ваъдаларини бажармаганлиги маълум бўлди.
Охир-оқибат ука акаси устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят хати билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Ўз манфаати йўлида бошқалардан фойдаланган жиноятчи суд ҳукми билан 6 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)