Россиянинг «МегаФон» мобил оператори техник носозлик туфайли бутун Россия бўйлаб 25 минг мижозининг пластик карталаридан пул ечиб олди. Ечиб олинган умумий пул миқдори маълум қилинмади. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари 1 январдан бошлаб телефон рақамларига боғлаб қўйилган пластик карталардан пул ечиб олингани ҳақида шикоят қилган. Бу ҳақда ТАССга таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Шундан сўнг, «МегаФон» матбуот хизматида мижозлар карталаридан ечиб олинган пулларни тўловлар сифатида қайтиб олиши мумкинлиги ҳақида ахборот берилди.
«Техник носозлик вужудга келди, ҳозирда у бартараф этилди. Ҳозирги вақтга келиб, барча ечиб олинган пуллар мижозлар ҳисобига қайтарилмоқда. Мижозлар керак бўлганда тўловларни ‘мобил ўтказма’ хизматидан фойдаланиб, банк картасига ўтказиш йўли билан нақд пулларга алмаштириб олишлари мумкин. Бундай ҳолатда бу хизмат учун комиссия тўлови олинмайди», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, «МегаФон» Россиядаги учта йирик мобил операторлардан бири ҳисобланади. 2014 йилнинг сентябрь ойи охирига келиб, операторнинг мижозлари сони 71,5 миллионга етган.
Изоҳ (0)