Байрам кунларида Тошкент шаҳрининг баъзи қисмларида барча турдаги транспорт воситалари ҳаракати чекланади, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Пойтахт ҳокимининг фармойишига кўра, Янги йил байрами тадбирлари ўтказилиши муносабати билан ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг байрам кунлари мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида:
– Ш. Рашидов кўчасининг Ўзбекистон кўчасидан Навоий кўчасигача;
– Фурқат кўчасининг Навоий кўчасидан А. Қодирий кўчасигача;
– А. Дониш кўчасининг ТХАЙдан Юнусота кўчасигача бўлган қисмларида 2014 йилнинг 29 декабридан 2015 йил 8 январигача соат 15:00 дан 23:00 га қадар;
Навоий кўчасининг Шайхонтоҳур кўчасидан Зарафшон кўчасигача бўлган қисмида 2014 йилнинг 30 декабридан 2015 йилнинг 1 январь кунигача соат 9:00 дан соат 16:00 га қадар барча турдаги транспорт воситалари ҳаракати чекланади.
Шунингдек, 2014 йил 29 декабридан 2015 йилнинг 8 январига қадар янги йил байрами тадбирлари ўтказиладиган Яшнобод туманидаги «Марказий офицерлар уйи», Бектемир туманидаги «Қуёш нури» боғи, Сергели туманидаги «Сергели Ландия» савдо маркази, Чилонзор туманидаги «Ройсон Электроникс» корхонаси олд майдонларига туташ кўчаларда халқ сайллари ўтказилаётган пайтларда вазият тақозо этганда транспорт воситаларининг қатновини вақтинча тўхтатишга рухсат этилади.
Ҳаракат хавфсизлиги тақозо этганда бошқа кўчаларда ҳам қисқа муддатга транспорт воситалари ҳаракати чекланиши мумкин.
Изоҳ (0)