Самарқандда Янги йил байрами муносабати билан анъанавий «Самарқанд ширинликлари» кўрик-танлови ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Миллий қадриятларни янада ривожлантириш, ўзбек халқига хос меҳмоннавозлик анъаналарини давом эттириш, аҳоли байрам дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан вакиллар, ширинлик ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
Танловда иштирокчилар томонидан тайёрланган байрам тортлари, тантанали маросимлар учун пишириқлар, мева ва шифобахш гиёҳлардан тайёрланган шарбатлар, мураббо ва шиннилар, туршак, майиз, асал маҳсулотлари намойиш этилди. Ҳар бир маҳсулотнинг тайёрланиш усули ва шифобахшлиги каби муҳим жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
«Ёз ва куз мавсумида деярли барча хонадонларда турли мевалар, полиз ва сабзавот маҳсулотларидан мураббо ва шарбатлар тайёрлаш халқимизга хос одат, — деди Самарқанд туманида яшовчи Акмал Исматов. — Айни пайтда она заминимизда ўсадиган турли ўсимлик ва гиёҳлардан айрим касалликларнинг олдини олиш ва уни даволашда қўл келадиган шарбатлар, дамламалар ҳам тайёрланади. Мазкур танловга ўн турдан зиёд ана шундай шарбатлар келтирдик. Мутахассислар ва танлов қатнашчилари шарбатларимизга юқори баҳо берди».
Кўрик-танловда олти йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир доирасида намойиш этилган маҳсулотларнинг савдо ярмаркаси ўтказилди.
Изоҳ (0)