БААнинг Шаржа шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувида ҳисоб очилмади − 0:0. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Осиё Кубогига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун БААнинг Шаржа шаҳрида Ироқ терма жамоасига қарши иккинчи ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Қизиқарли ва курашларга бой учрашувда дарвозаларга гол киритилмади ва ўйин 0:0 ҳисобида якунланди. Таъкидлаш лозим, учрашувнинг биринчи бўлими 21-дақиқасида Сервер Жепаров пенальтидан рақиб дарвозасини ишғол қила олмади.
Миллий терма жамоа бош мураббийи илк ўйин билан таққослаганда таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, миллий терма жамоа сардори Сервер Жепаров яна терма жамоани сардор сифатида майдонга олиб тушган бўлса, «Краснодар» клуби аъзоси Одил Аҳмедов бир неча ҳафталик муддатдан сўнг жароҳатидан тузалиб асосий таркибда майдонга тушди.
Аввалги учрашувда ягона гол муаллифига айланган Жамшид Искандеров эса иккинчи бўлимда майдонга тушди. Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни бўлиб ўтган терма жамоалар ўртасидаги илк учрашувда 1:0 ҳисобида Миржалол Қосимов шогирдлари ғалаба қозонган эдилар.
Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги миллий терма жамоа 29 декабрь куни Тошкентга қайтиб келади. Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида иштирок этиш учун 3 январь куни Австралиянинг Сидней шаҳрига учиб кетади.
Ўртоқлик учрашуви. 28 декабрь. Шаржа, БАА.
Ўзбекистон - Ироқ 0:0
Амалга оширилмаган пенальти: Сервер Жепаров 21 (дарвозабон)
Ўзбекистон: 12. Игнатий Nestэров, 19. Виталий Денисов (22. Фарруҳ Сайфиев, 75), 5. Анзур Исмоилов, 3. Шавкат Муллажонов (20. Ислом Тўхтахўжаев, 60), 28. Шуҳрат Муҳаммадиев, 7. Азизбек Ҳайдаров, 18. Тимур Кападзе (10. Жамшид Искандеров, 75), 9. Одил Аҳмедов (13. Лутфулла Тўраев, 60), 8. Сервер Жепаров (17. Санжар Турсунов, 60), 14. Сардор Рашидов, 15. Воҳид Шодиев (11. Наврўзбек Алимов, 79).
Ироқ: 12. Жалол Ҳассан, 2. Аҳмад Иброҳим, 9. Аҳмад Ясин (11. Ҳумам Тариқ, 61), 10. Юнус Маҳмуд (25. Марван Ҳусин, 66), 14. Салом Шокир, 15. Дургам Исмоил, 18. Маҳди Карим (6. Samiҳ Саид, 69), 19. Маҳди Камил, 21. Саад Абдул Амир, 24. Амжад Ҳалаф (16. Жастун Ҳекмат, 72), 26. Осама Жаббор.
Огоҳлантиришлар: Азиз Ҳайдаров 59, Лутфулла Тўраев 62, Samiҳ Саид 78.
Изоҳ (0)