Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида жойлашган ўрта мактаблардан бирининг ўқитувчилари ва бошқа ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига берилган ариза асосидаги текширувлар ушбу мактаб директори ва бош ҳисобчисининг кирдиркорларини фош қилди, деб хабар бермоқда «На посту» газетаси.
Дастлаб биринчи никоҳидаги фарзандлари учун алимент тўлашини айтиб директор номига ариза асосида бир ойлик маошини олдиндан олган ҳисобчи раҳбар аёл меҳнат таътилига чиқаётганда унга бу ҳолатни соғлиқни тиклаш мақсадида деб расмийлаштириш орқали моддий ёрдам олиши мумкинлигини таклиф қилади. Қатор ҳужжатларни бузган ҳолда улар директор аёлнинг пластик карточкасига 900 минг сўм ўтказиб олади. Кейинги таътилда ҳам директор ҳисобига 1 миллион сўм ўтказилади.
Бундан қаноатланмаган шериклар энди ходимлар маошига қўшимча ҳақ ёзиб, кейин тегишли суммани олиб қолиш эвазига пул ўмаришни бошлайди. Шунингдек, ҳисобчи алимент тўлаши учун мактаб жамғармасидан пул ажратиб берилади. 2013 йил куздан 2014 йил апрелгача директор ва ҳисобчи жами 11 миллион сўмдан ортиқ маблағни давлат бюджетидан ўмаргани маълум бўлди. Улар жиноий жавобгарликка тортилиб, ўмарилган пулларни қайтаришига ҳам тўғри келди.
Изоҳ (0)