Қамчиқ довонида фавқулодда вазиятлар юзага келишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳаракат қилиш бўлинмаларининг тактик машғулоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.
Унда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Гидрометеорология хизмати маркази, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Т. Худойбергенов ва бошқалар Қамчиқ довони Ўзбекистон иқтисодиёти учун стратегик муҳим объект ҳисобланишини таъкидлади. Негаки, довон Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган, улар ўртасида транспорт ҳамда йўловчилар қатновини таъминлайдиган асосий йўлдир. Мазкур автотрассадан ҳар куни қарийб 20 мингта машина ўтади. Шу сабабли Ўзбекистоннинг энг йирик транспорт йўлларидан бири бўлган ушбу довонда автомобиллар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш катта аҳамиятга эга.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан довон орқали автотранспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида ҳаракатни назорат қилиш ва унинг хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Довон бўйлаб жойлашган йўл-таъмирлаш постлари ушбу тизимнинг асосини ташкил этади. Бу постлар таркибига Фавқулода вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва йўл-таъмирлаш хизматлари вакиллари киради. Уларнинг асосий вазифаси автотранспорт воситалари ҳаракатини қийинлаштирадиган ёки тўхтатадиган вазиятларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишдан иборат. Қиш даврида қор кўчкилари, тош тушиши, қор уюмлари, яхмалак ва бошқа ҳолатлар шулар жумласидан.
Машғулотлар олти ўқув нуқтасида, шунингдек, тунги шароитларда авария-қутқарув ишлари ўтказилди. Ушбу тадбирлар иштирокчилари мобил бошқарув пунктлари, аҳолини вақтинчалик жойлаштириш пунктларини ташкил этиш, ахборот алмашиш, йўлдаги тирбандликни бартараф этиш, уни тозалаш, шартли равишда жабрланганларни қор уюмларидан қутқариш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатларни амалга оширди.
Машғулотлар доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Қамчиқ» қидирув-қутқарув отряди ҳудудида жойлашган Идоралараро штаб янги биносининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Замонавий алоқа ва ахборотлаштириш воситалари билан таъминланган ушбу янги бинода довонда ҳаракат хавфсизлигини кеча-кундуз мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган.
Изоҳ (0)